Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун умумий касб байрамини таъсис этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.
Ўзгартишларга кўра, амалдаги қонундаги «тиббиёт ходимлари» иборасини «тиббиёт ва фармацевтика ходимлари» иборасига алмаштириш таклиф этилмоқда. Касб байрамини ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонлаш режалаштирилган.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида 50 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритади. Аҳолига 504 та фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси, 478 та дистрибьюторлик ташкилоти ва 14 мингдан ортиқ дорихона хизмат кўрсатади.
Қонун лойиҳаси муаллифларининг фикрича, ушбу ўзгартишлар касб байрами тўғрисидаги қонунда қўлланиладиган атамаларни «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларда ишлатиладиган тушунчаларга мувофиқлаштиради.
Ўзгартишлар қабул қилиниши фармацевтика ходимларининг жамиятдаги мақомини ошириш, шунингдек, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.