7
Ўзбекистон

Саида Мирзиёева Истанбулда университет ва мактабга ташриф буюрди

Саида Мирзиёева Истанбулда университет ва мактабга ташриф буюрди
Саида Мирзиёева Истанбулда университет ва мактабга ташриф буюрди / Фото: Ўзбекистон Президенти Администрацияси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Истанбулга ташрифи давомида Ибн Халдун университети ва Yenidogu мактабига борди. Шунингдек, у Туркиянинг Baykar компаниясида юқори технологиялар ва мудофаа саноати соҳаларида ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишди.

Таълим муассасаларига ташрифлар Нежмеддин Билол Эрдоған билан биргаликда амалга оширилди.

Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, ушбу муассасаларда қўлланилаётган таълим усуллари, таълим сифатини ошириш, ёшларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва Туркия таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчилар учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича келишувга эришилди.

Мирзиёева таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ёшларнинг ривожланишига ва Ўзбекистон ҳамда Туркия халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дастурнинг алоҳида қисми Baykar мажмуасига ташрифдан иборат бўлди. У ерда Президент Администрацияси раҳбари компаниянинг юқори технологиялар, жумладан, мудофаа саноати соҳасидаги лойиҳалари билан танишди.

У Туркиянинг технологик ютуқлари ортида кўп йиллик илмий тадқиқотлар, муҳандисларнинг меҳнати ва миллий технологияларни ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар турганини таъкидлади.

Мирзиёеванинг фикрича, Туркия тажрибаси Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга.

Шунингдек, у икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ва технологик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.