7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда тиббий хизматлар нархлари асоссиз оширилгани аниқланди

Ўзбекистонда тиббий хизматлар нархлари асоссиз оширилгани аниқланди
Ўзбекистонда тиббий хизматлар нархлари асоссиз оширилгани аниқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида пуллик тиббий хизматлар тарифларини шакллантиришда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.

Идора маълумотларига кўра, айрим тиббиёт муассасаларида беморлардан асоссиз равишда қўшимча маблағ ундирилган. Шундан сўнг қонунбузилишларни бартараф этиш ва ортиқча тўланган маблағларни қайтариш чоралари кўрилди.

Қорақалпоғистон Республикасида мутахассислар 2023–2026 йиллар давомида еттита тиббиёт муассасасида нархларни шакллантириш тартибини ўргандилар.

Текширув айрим ташкилотлар солиқ имтиёзларига эга бўлишига қарамай, хизматлар таннархига фойда солиғини киритганини, шунингдек, белгиланганидан юқори тарифларни қўллаганини кўрсатди. Натижада 331,7 млн сўм миқдорида асоссиз даромад олинган.

Олти муассасага нисбатан иш қўзғатилиб, ушбу маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди. Яна бир муассасага тарифлар ҳисоб-китобларини қайта кўриб чиқиш талаби билан хат юборилди.

Кўрилган чоралар натижасида айрим пуллик тиббий хизматлар нархини ўртача 16,22 фоизга пасайтиришга эришилди.

Самарқанд вилоятида қонунбузилиш ҳолатлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалида аниқланди.

Қўмита маълумотига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва Вазирлар Маҳкамасининг норматив ҳужжатларига риоя этилмагани сабабли беморларга 302,2 млн сўм ортиқча ҳисобланган. Филиалга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

Сирдарё вилоятидаги онкология ва радиология марказида ўтказилган текширув 2025 йилда тахминан 4 790 нафар бемордан 76 млн сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилганини кўрсатди.

Яна бир ҳолат Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида аниқланди.

Пуллик хизматлар қийматини ҳисоблашда билвосита харажатларни тақсимлаш коэффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланган. Натижада 2024–2025 йилларда истеъмолчилардан қарийб 300 млн сўм ортиқча ундирилган.

Сирдарё вилоятидаги филиалларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағларни беморларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пуллик тиббий хизматлар нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйича ишларни давом эттиришини маълум қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.