7
Иқтисод

Ўзбекистон электр станцияларини қуриш қоидаларини қайта кўриб чиқади

Ўзбекистон электр станцияларини қуриш қоидаларини қайта кўриб чиқади
Ўзбекистон электр станцияларини қуриш қоидаларини қайта кўриб чиқади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон электр энергетикаси соҳасида лойиҳаларни танлаш механизмни ўзгартиришни режалаштирмоқда. Инвесторлар ташаббусига асосланган ёндашув ўрнига давлат янги қувватларга бўлган эҳтиёжни олдиндан белгилайди ва тайёрланган майдонларни очиқ танловлар орқали таклиф қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни ёқилғи-энергетика соҳаси инвесторлари билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбари қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришнинг дастлабки босқичида компаниялар кўп ҳолларда объектлар қуриш учун жойларни мустақил равишда таклиф қилганини эслатди. Бу қуёш ва шамол электр станцияларини тезроқ ишга тушириш ҳамда катта миқдорда инвестиция жалб қилишга ёрдам берди.

Бироқ бундай амалиёт натижасида электр энергияси ишлаб чиқарувчи объектлар айрим ҳудудларда тўпланиб қолди. Бу эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш харажатлари ошишига олиб келди. Президентнинг фикрича, соҳани кейинги босқичда ривожлантиришда фақат алоҳида лойиҳалар эмас, балки бутун энергетика тизимининг эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.

Янги ёндашувга мувофиқ, ҳокимият органлари ҳар бир ҳудуд учун зарур электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини белгилайди. Шундан сўнг лойиҳалар шакллантирилиб, рақобатли савдоларга чиқарилади. Инвесторлар лойиҳаларни амалга ошириш шартлари, жумладан, ер участкаларининг жойлашуви, электр тармоқларига уланиш параметрлари ва муддатлари, электр энергиясини харид қилиш ҳамда ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби билан олдиндан танишиш имконига эга бўлади.

Мирзиёев, шунингдек, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.

Тўлов интизомини таъминлаш ва инвестиция хатарларини камайтиришга ёрдам берадиган воситаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда умумий қуввати 2 200 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларининг олтита лойиҳаси бўйича танловлар ўтказилади. Президент манфаатдор компанияларни ушбу танловларда иштирок этишга таклиф қилди.

Энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласи 22 сентябрь куни ҳам муҳокама қилинган эди. Ўшанда ер участкаларини келишиш, электр тармоқларига уланиш, тарифлар ва инвестиция битимлари шартларини турли давлат идоралари билан мувофиқлаштириш лойиҳаларни ишга тушириш жараёнини мураккаблаштириши ва чўзиб юбориши таъкидланганди.

Бундан ташқари, амалдаги тартиб идоралар вазифаларининг такрорланишига олиб келиши ва электр энергиясига бўлган умумий талабни ҳисобга олган ҳолда режалаштиришни қийинлаштириши мумкин.

Таклиф этилаётган тизимга кўра, дастлаб давлат электр энергиясига бўлган истиқболли эҳтиёжни баҳолайди, кейин эса зарур ишлаб чиқариш қувватлари ва инфратузилмани белгилайди. Инвесторларга техник шартлари олдиндан аниқланган лойиҳалар таклиф этилади.

16 октябрь куни бўлиб ўтган мулоқот давомида Президент энергетика соҳасида умумий қиймати 4,7 млрд доллар бўлган олтита йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланганини ҳам маълум қилди.

Ушбу лойиҳалар 3 000 МВт қувватга эга электр энергияси ишлаб чиқариш объектларини ҳамда 400 МВт қувватли электр энергиясини сақлаш тизимларини барпо этишни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.