Иқтисод

Ўзбекистонда корхоналар буюртмаси асосида дуал таълим жорий этилади

Ўзбекистонда корхоналар буюртмаси асосида дуал таълим жорий этилади
Ўзбекистонда корхоналар буюртмаси асосида дуал таълим жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларида иш берувчи корхоналар буюртмаси асосида дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади.

Тегишли «Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони 2026 йил 29 сентябрда имзоланди.

Тизим «корхона — олий таълим муассасаси — мақсадли мутахассис» тамойили асосида мутахассислар тайёрлашни, кейинчалик битирувчиларни буюртма берувчи корхоналарга ишга жойлаштиришни назарда тутади.

Бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати ва дуал таълим шакли бўйича қабул параметрлари олий таълим муассасалари томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади. Қабул ҳар йили 1 октябрга қадар иш берувчи корхоналарнинг буюртмалари асосида тўлов-контракт шаклида амалга оширилади.

Дуал таълим олий таълим муассасаси, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган шартнома асосида ташкил этилади. Корхона ўқиш даврида талабага ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўлаш мажбуриятини олади.

Ўз навбатида, талаба ўқишни тамомлагандан сўнг корхонада камида икки йил ишлаши шарт бўлади.

Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ва Ижтимоий реестрга киритилган талабаларга ижтимоий стипендия тўланади.

Муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, архитектура ва қурилиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга иккинчи курсдан бошлаб давлат гранти квоталари доирасида ўқишни давом эттириш имконияти берилади.

Дуал таълим шаклида ўқиш даври талаба умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади.

2027 йил 1 январдан бошлаб дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашда иштирок этувчи корхоналар учун талабаларга бириктириладиган устозларга махсус курслар ташкил этилади.

2027/2028 ўқув йили якунлари бўйича дуал таълимда иштирок этувчи олий таълим муассасалари ва буюртма берувчи корхоналар самарадорлиги рейтинги шакллантирилади. Энг яхши натижаларни кўрсатган учта олий таълим муассасаси ва учта корхона эгаллаган ўрнига қараб 1 миллиард, 2 миллиард ва 3 миллиард сўм миқдорида мукофот билан тақдирланади.

Корхоналарни қўллаб-қувватлаш

Фармонда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашда иштирок этувчи корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам назарда тутилган.

2027 йил 1 январдан бошлаб ўқув йили якунлари бўйича корхоналарга муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, архитектура ва қурилиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги йўналишларида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ҳар бир талаба меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларининг 50 фоизи субсидия шаклида қоплаб берилади.

Бундан ташқари, корхоналарга «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги» платформасида қўшимча баллар берилади. Баллар миқдори дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талабалар сонига қараб белгиланади.

Олий таълим муассасалари ҳудудида дуал таълимнинг амалий базасини яратиш учун корхоналар томонидан олиб кириладиган ускуналар, қурилмалар ва лаборатория жиҳозлари учун 2030 йил 1 январга қадар божхона божи ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Шунингдек, корхоналар дуал таълим дастурлари доирасида амалий машғулотлар учун харид қилинган ўқув жиҳозлари ва ускуналарига нисбатан уч йил муддатда жадаллаштирилган амортизацияни қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.