Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар тақдирланди

Дилафруз Ниязова · 13.08.2026 · 21:55 · 18 views
Ўзбекистонда Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар тақдирланди
Ўзбекистонда Тадбиркорлар куни муносабати билан тадбиркорлар тақдирланди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар куни муносабати билан бир гуруҳ тадбиркорлик вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 августдаги фармонида маълум қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, мукофотлар мамлакатни ривожлантириш ва унинг экспорт салоҳиятини оширишда салмоқли натижаларга эришгани, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлагани, инвестицияларни жалб этишда ташаббускорлик ва тажриба кўрсатгани, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаргани, замонавий хизматлар турларини кенгайтиргани, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратгани, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этгани учун берилган.

Тўрт нафар шахс фахрий унвонларга сазовор бўлди. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони «Azia metall prof» МЧЖ (Самарқанд) ривожлантириш ва инвестициялар масалалари бўйича директори Одилжон Болтаевга берилди. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» унвонига «Gidro stanko servis» МЧЖ (Навоий) директори Бахтиёр Ҳамраев сазовор бўлди.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» унвони «426-хўжаликлараро ихтисослашган кўчма механизмлар колоннаси» МЧЖ (Марғилон, Фарғона вилояти) бош директори Муҳсинжон Исаков ва «Central Asian constriction» МЧЖ (Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани) таъсисчиси Ёрқин Бобахановга берилди. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвони Жиззах вилояти Бахмал туманидаги «Қўшчинор меваси» фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Аҳмедовга берилди.

«Фидокорона хизматлари учун» ордени билан Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги «Bog‘izog‘on» МЧЖ директори Ботир Қозимов, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги «Сарвар Азиз Умарзода рамзи» фермер хўжалиги раҳбари Шункар Умирзаков ва Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Тилло домор» хусусий корхонаси раҳбари Умарбек Шарипов тақдирланди.

«Меҳнат шуҳрати» ордени билан Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги «Turon eco cement group» МЧЖ таъсисчиси Қодиржон Аҳмедов, Хоразм вилояти Хива туманидаги «Чинобод қурилиш» хусусий корхонаси директори Отахон Машарипов, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги «Premier electrotech» МЧЖ таъсисчиси Саидғаффар Сайнурдинов ва Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги «Ал-Ҳаким» хусусий корхонаси раҳбари Исроилжон Ўраимов тақдирланди.

«Дўстлик» ордени билан 15 нафар киши, жумладан, Тошкентдаги «My freighter» ва «Centrum air» хусусий авиакомпаниялари таъсисчиси Абдулазиз Абдураҳмонов, «AZC group» компаниясининг Марказий Осиё бўйича ижрочи директори Растислав Бабица, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «United soft» МЧЖ раҳбари Боисхон Ғаниев, «Voltalia» компанияси бошқарув раиси Роберт Клаин, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Нарзи қушбеги» хусусий корхонаси раҳбари Беҳзод Қодиров, Жиззах вилояти Зомин туманидаги «Azim Zomin shifo» МЧЖ директори Ойбек Маматқулов, Хоразм вилояти Боғот туманидаги «Дилшода Дилшодбек Манзура» фермер хўжалиги раҳбари Ҳанифа Маткаримова, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «Imperial granit» МЧЖ таъсисчиси Шермуҳаммад Мирзажонов, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги «Оқтош келажаги» МЧЖ раҳбари Холмирза Турумов, «Odas Enerji CA» компанияси раҳбари Озкан Урал, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Namangan qo‘ychilik klasteri» МЧЖ таъсисчиси Аъзами Усмонов, «Фортекс» компанияси раҳбари Адаҳамжон Ҳамидов, Андижон вилояти Балиқчи туманидаги «Чинобод нурли замин агрофирмаси» МЧЖ директори Ботир Хўжамов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Karakalpak palace hotel» МЧЖ бошқарув раиси Икром Юлдашев бор.

«Мардлик» ордени билан бизнес вакилларидан беш нафари тақдирланди. Улар Тупроққалъа туманидаги «Маржона Сабоҳон» МЧЖ раҳбари Роҳат Жуманиёзова, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги «Жилвон жилоси 2020» МЧЖ раҳбари Афзал Қушшаев, ижтимоий тармоқлардаги «MrOtabekTV» саҳифаси асосчиси, блогер Отабек Маҳкамов, Кичик бизнес ассоциацияси раиси ўринбосари Музаффархон Мусаев ва Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги «Narpay strategy up» МЧЖ директори Маъруф Ўрунбоевдир.

«Саломатлик» II даражали медали билан Фарғона вилоятидаги «Саломатлик плюс экология» нодавлат нотижорат ташкилоти бошқарув кенгаши раиси Хадича Назарова ва Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Surge med» хусусий клиникаси бош шифокори Шариф Раҳимий тақдирланди.

«Соғлом турмуш» медали билан Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Atabaevs production» МЧЖ таъсисчиси Ҳусан Атабоев, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Ideal study» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шоислом Баратов ва Бухоро шаҳридаги «Амиршоҳ 777» МЧЖ раҳбари Анвар Кенжаев тақдирланди.

«Жасорат» медали билан Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги шахсий томорқа ер участкаси эгаси Асрор Қурбонов, Термиз шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, новвой Фурқат Қурбонов ва Бухоро вилояти Пешку туманидаги «Зулфия Тўра қизи» фермер хўжалиги раҳбари Зулфия Очилова мукофотланди.

«Келажак бунёдкори» медали билан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги «Lazzat pishloq» МЧЖ таъсисчиси Шоҳрух Баходиров, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги «Intest max» МЧЖ таъсисчиси Бекзод Мақсудов, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «East-games» МЧЖ таъсисчиси Элбек Нурмуҳамедов ва Самарқанд шаҳридаги «Инновацион маскан» нодавлат таълим муассасаси директори Муҳаммадхон Солиев тақдирланди.

«Шуҳрат» медали билан мамлакатнинг турли ҳудудларидан 22 нафар бизнес вакили мукофотланди. Улар орасида «Barakat-alfa» МЧЖ бош директори Тоҳиржон Адамбоев, «Global export company» МЧЖ бош директори Даврон Дадахонов, Жиззах вилоятидаги «Ю-Мева» МЧЖ раҳбари Юлдуз Жабборова, Наманган вилоятидаги «Сhust textile» МЧЖ таъсисчиси Жамшид Исматуллаев, «Brio group» АЖ бош директори Фарҳод Маҳмудов, Навоий вилоятидаги «Ғозғон чевар қизлари» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Моҳичеҳра Норбоева, «Ahmad oltin jo‘ja» ресторанлар тармоғи асосчиси Ғафур Тўлаганов, «Fayz» миллий таомлар тармоғи асосчиси Шерали Ўринов ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан бошқа тадбиркорлар бор.