Ўзбекистон ва Корея рақамли тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Корея Республикасига хизмат сафари доирасида Сеул Жамоат Саломатлиги Ассоциацияси (Seoul Public Health Association — SPHA) бош офисида ассоциация президенти Пак Сан Хве ва соҳа экспертлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, рақамли технологияларни жорий этиш ва Кореянинг замонавий тиббий бошқарув тажрибасини Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, клиникалар бошқарувига рақамли тизимларни жорий этиш, тиббиёт муассасаларини «Smart Hospital» стандартлари асосида лойиҳалаш ва жиҳозлаш, клиник менежментнинг илғор ёндашувларини ўрганиш ҳамда ушбу тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунида устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Корея ўртасида тиббиёт соҳасида рақамли трансформация, замонавий клиник бошқарув ва инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Seoul Public Health Association — аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий сиёсатни ривожлантириш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат ва нотижорат ташкилот бўлиб, унинг таркибида 100 дан ортиқ академик ва соҳа экспертлари мавжуд.