Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда $222 млнлик электр тармоқлари қуради

Дилафруз Ниязова · 13.08.2026 · 22:20 · 28 views
Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда $222 млнлик электр тармоқлари қуради
Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда $222 млнлик электр тармоқлари қуради / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг маҳаллий компаниялари Афғонистон ҳудудида электр тармоқлари ва подстанциялар қуради. Ишлар Ўзбекистон томонининг алоҳида назорати остида амалга оширилади ва ҳар ҳафта ҳисобот бериб борилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика комплекси масалаларига бағишланган йиғилишда энергетика вазири Шерзод Хўжаев маълум қилди.

Лойиҳанинг қиймати 222 млн долларни ташкил этади ва у тўлиқ Афғонистон томонидан молиялаштирилади. Ушбу маблағнинг 140 млн доллари қурилиш учун зарур бўлган материаллар ва ускуналарни Ўзбекистондан экспорт қилиш ҳисобига тўғри келади.

Вазир «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида таъкидлаганидек, Афғонистонга электр энергиясининг ортиқча ҳажмини етказиб бериш Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжи тўлиқ қопланганидан кейин амалга оширилади. Энергия ресурслари билан аввало мамлакатдаги ички истеъмолчиларни таъминлашга устувор аҳамият берилади.

Лойиҳа Энергетика вазирлиги йиғилишда тақдим этган учта асосий йўналишдан бири бўлди.

Бундан ташқари, вазирлик Янгиюл туманида синовдан ўтказилган маҳаллаларнинг энергетик паспортларини жорий этиш тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини Туркиянинг «Акса Электрик» компанияси бошқарувига бериш ҳақида маълумот берди. Бу мамлакат тарихидаги бундай биринчи ҳолат ҳисобланади.