Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича 200 та лойиҳа режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича 200 та лойиҳа режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича 200 та лойиҳа режалаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда яқин икки йил ичида сунъий интеллект соҳасида тахминан 200 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось Тошкентда бўлиб ўтган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро кўргазмаси доирасидаги сессияда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг асосий йўналишлари соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, энергетика, шунингдек банк сектори ва божхона жараёнларини қамраб олади. Ҳозирги кунда мамлакатда 100 дан ортиқ шундай ташаббуслар амалга оширилмоқда ва 2027 йил охиригача улар сонини икки баробарга ошириш режалаштирилган.

Таъкидланишича, эътибор йирик ва қиммат лойиҳаларга эмас, балки амалий ва татбиқий ечимларга қаратилмоқда. Одатда бундай ишланмалар бир нечта моделларни бирлаштириб, ягона маҳсулотни шакллантиради. Ўртача жорий этиш қиймати 200–300 минг АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда ва уларнинг қопланиш муддати бир йилдан уч йилгача этиб белгиланмоқда.

Алоҳида эътибор инсон капитали ва таълим дастурларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда Five Million Uzbek AI Prompters ташаббуси амалга оширилмоқда. Унга кўра, 2030 йилгача тахминан 4,75 миллион ўқувчи ва талаба, 150 минг ўқитувчи ва 100 минг давлат хизматчиси сунъий интеллект соҳасида тайёрланади.

2024 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаган эди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик индекси бўйича дунёдаги 50 та етакчи давлат қаторига кириши ҳамда ИИ ечимлари ва хизматлари бозори ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг