Иқтисод

Ўзбекистонда стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси 60 дан ортиқ тадбиркор иштирокида муҳокама қилинди

Ўзбекистонда стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси 60 дан ортиқ тадбиркор иштирокида муҳокама қилинди
Ўзбекистонда стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси 60 дан ортиқ тадбиркор иштирокида муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистонда стартап фаолиятини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитларни шакллантиришга қаратилган стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Тадбирда давлат органлари, стартап компаниялари, инвестиция ҳамжамияти, стартап экотизими ташкилотлари ва халқаро ҳамкорларнинг 60 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) ташкил этди. Тадбир Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлиги (FCDO) кўмагида ўтказилди.

Учрашувни очар экан, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Тимур Хусанов давлатнинг стартап соҳасига ёндашуви босқичма-босқич ўзгараётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, истиқболли лойиҳаларни тўғридан-тўғри танлаб олиш ўрнига, бозорнинг барча иштирокчилари ривожланиши учун тенг ва қулай шароитлар яратиш устувор вазифага айланмоқда.

Ушбу ёндашувни IFCнинг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича раҳбари Нил Маккейн ҳамда FCDOнинг Марказий Осиё бўйича иқтисодий ривожланиш масалалари маслаҳатчиси Чарли Моррис ҳам қўллаб-қувватлади.

Иштирокчилар стартапларнинг инновацияларни ривожлантириш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишдаги ролини кўриб чиқди. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлиги имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама давомида стартапларни аниқлаш ва уларга тегишли мақом бериш мезонлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари, инвестициялар ва малакали мутахассисларни жалб қилиш масалалари ҳам кўтарилди.

Бундан ташқари, иштирокчилар қонун лойиҳаси қоидаларининг мамлакатда амалга оширилаётган инновацион ривожланиш сиёсатига қанчалик мувофиқлигини баҳолади.

Учрашув якунида стартаплар амалиётда қўллай оладиган, бозор муҳитидаги ўзгаришлар ва соҳани ривожлантиришнинг янги тенденцияларини ҳисобга оладиган тушунарли ва шаффоф қонунчилик базасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.