Иқтисод

Ўзбекистонда ўсимлик ёғини рақамли ёрлиқлаш 2027 йилдан жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда ўсимлик ёғини рақамли ёрлиқлаш 2027 йилдан жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда ўсимлик ёғини рақамли ёрлиқлаш 2027 йилдан жорий этилиши мумкин / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2027 йил 1 июлдан ўсимлик ёғини мажбурий рақамли ёрлиқлашни жорий этиш режалаштирилмоқда. Солиқ қўмитаси томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама 24 октябрга қадар давом этади.

 

Ҳужжатга кўра, ёрлиқлаш ўсимлик ёғининг ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш, шунингдек, маҳсулот ҳаракатини муомаланинг барча босқичларида рақамли кузатиш имконини яратишга хизмат қилиши керак.

Ёрлиқлаш учун штрих-кодли стикерлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Улар маҳсулотнинг ички ёки ташқи истеъмол қадоғига ёпиштирилади.

Ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчилари, импортчилари, шунингдек, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи компаниялар Asl belgisi миллий товарларни ёрлиқлаш ва кузатиш тизимига уланиши шарт бўлади.

Тизим оператори — CRPT Turon компанияси. Ушбу тизим орқали ёрлиқланган товарларни муомалага киритиш, уларнинг кейинги ҳаракати ва муомаладан чиқарилишини рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилган.

Мажбурий ёрлиқланиш белгиланган ўсимлик ёғини тегишли кодсиз сотиш савдо қоидаларининг бузилиши ҳисобланади. Бундай ҳолат учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик назарда тутилган.

Қарор қабул қилинган тақдирда, CRPT Turon компанияси Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2027 йил 1 январга қадар тизимда рўйхатдан ўтган ва зарур шартномаларни тузган ишлаб чиқарувчилар ҳамда импортчиларни буюртмаларни масофадан бошқариш имкониятига эга станциялар билан таъминлаши керак бўлади.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан маркировка кодларини агрегатлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу алоҳида товарлар ёки қути кодларини транспорт қадоғи учун ягона кодга бирлаштиришни назарда тутади.

Аввалроқ сув ва алкоголсиз ичимликлар учун ҳам шунга ўхшаш талабни жорий этиш бир йилга кечиктирилган эди. Дастлаб 2026 йил 1 апрелдан бошланиши режалаштирилган ёрлиқлаш талаби энди 2027 йил 1 апрелдан кучга киритилиши кутилмоқда.

Янги талабларга риоя этилишини назорат қилишни солиқ органларига юклаш таклиф этилган.

Ўзбекистонда товарларни рақамли ёрлиқлаш тизими 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилмоқда. Дастлаб у тамаки ва алкоголь маҳсулотларини қамраб олган. Кейинчалик тизим дори воситалари ва маиший техникага, ундан сўнг эса алкоголсиз ичимликлар, жумладан, ичимлик сувига ҳам татбиқ этилган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.