Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари лойиҳаси муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлигида БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида миллий ҳамкорлар ва бенефициарлар иштирокида қўшма учрашув ташкил этилди.

Тадбирда адлия вазирининг ўринбосари М. Икрамов, Финляндия ТИВ вакили Катя Ҳирвонен, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Б. Нариманов, шунингдек, вазирлик ва идоралар масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда лойиҳа бенефициарлари иштирок этди.

Тадбир давомида лойиҳа доирасида эришилган натижалар, хусусан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, сўнгги йилларда 2 миллиондан ортиқ фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатилгани, ушбу йўналишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида семинар, тренинг ва давра суҳбатлари, халқаро конференциялар ташкил этилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Учрашувда кичик грантлар дастури доирасида амалга оширилган лойиҳалар натижалари, хусусан аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш бўйича эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг