Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов 5 октябрь куни Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Уно Ёсимаса билан музокаралар ўтказди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув давомида 2025 йил декабрь ойида олий даражадаги ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, томонлар саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиқдилар.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 400 миллион долларни ташкил этди. 2026 йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошиб, 228,8 миллион долларга етди.
Япониялик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди. Айни пайтда Ўзбекистонда Япония капитали иштирокидаги 144 та корхона фаолият юритмоқда.
Музокараларнинг алоҳида қисми энергетика, транспорт соҳаси ва инфратузилмадаги йирик лойиҳаларни амалга оширишга бағишланди.
Япония томони, шунингдек, «Эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани минтақаси» концепцияси доирасида ҳамкорликни кенгайтириш таклифини билдирди.
Мазкур ташаббус барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни кенгайтиришни назарда тутади.