Ўзбекистон ва Япония рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Япония рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Япония бизнес федерацияси (Keidanren) ҳузуридаги Япония ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлиги қўмитаси раиси Такеши Ҳашимото бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Японияда ахборот технологиялари мутахассисларига бўлган юқори талабни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини халқаро меҳнат бозорига йўналтириш ҳамда Японияга АТ хизматлари экспортини кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, делегацияга Ўзбекистонда маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center)ни ташкил этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва йирик технологик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли иқтисодиёт, АТ хизматлари экспорти, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда инсон капиталини юксалтириш йўналишларида амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.