Ўзбекистон ва Хитой қашшоқликка қарши курашни кучайтирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой қашшоқликка қарши курашни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро қўмитасининг 8-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги ўртасида музокаралар ўтказилди.
Музокаралар якунида 2026–2027 йилларга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш соҳасида Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазири ўринбосари Чжан Чжили билан ўтказилган учрашувда қуйидаги муҳим келишувларга эришилди:
Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлари институти ҳамда Хитой халқаро камбағалликни қисқартириш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш;
Ўзбекистонда технологиялар трансфери марказини ташкил этиш;
Хитой-ФАО Мақсадли жамғармаси доирасида «Жануб-Жануб» форматида қўшма демонстрацион лойиҳаларни амалга ошириш;
2026 йил май ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган юқори даражадаги форумда Қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;
2026 йил октябрь ойида Сирдарё вилоятида Ўзбекистон–Хитой камбағалликни қисқартириш форумини ўтказиш.
Мазкур келишувлар аҳоли бандлигини таъминлаш, замонавий тажрибаларни жорий этиш ва камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.