Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон идоравий формага ўхшаш кийимларни тақиқламоқчи

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 19:20 · 34 views
Ўзбекистон идоравий формага ўхшаш кийимларни тақиқламоқчи

Ўзбекистон идоравий формага ўхшаш кийимларни тақиқламоқчи / Сурат: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, давлат органлари, вазирлик ва идоралар ходимлари учун жорий этилган формали кийим-бош муайян давлат органи вакили эканлигини англатади, фуқароларда ишонч уйғотади ҳамда уни кийиб юрган шахсга қонун билан белгиланган ваколат ва масъулият юкланганини билдиради. Шу боис бундай формали кийим-бош давлат хизматининг муҳим тимсолларидан бири ҳисобланади.

Афсуски, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин. Натижада ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Белгиланаётган нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилишга ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири ва таклиф этилаётган ҳуқуқий механизмлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, айрим нормаларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.