Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистонда бир ой ичида «углерод кредитлари» механизмини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу механизм ҳудудга йилига камида 50–100 миллион доллар миқдорида даромад келтириши мумкин.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Президент иқлим ўзгариши шароитида атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари ҳажмини камайтириш долзарб вазифа эканини таъкидлади. У ҳудудда ишлаб чиқарилаётган «яшил» энергияни углерод кредитларига айлантиришни Қорақалпоғистон учун қўшимча даромад манбаи сифатида қайд этди.
У масъулларга бир ой ичида нафақат мамлакат ичида тегишли механизмни ишга тушириш, балки углерод кредитларини импорт қилувчи йирик давлатлар — Япония, Корея, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Австралия билан музокаралар ўтказиш вазифасини топширди.
Мирзиёев углерод кредитлари экспортидан тушадиган маблағлар ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш учун аллақачон ажратилаётган маблағларга қўшимча бўлишини ва улар тўлиқ Қорақалпоғистоннинг ўзида қолишини таъкидлади.
Президент, шунингдек, «ўрмон углерод кредитлари» йўналиши ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, йирик хорижий компаниялар экологик вазият мураккаб бўлган ҳудудларда дарахт экиш ишларини айнан шундай кредитлар тизими орқали молиялаштириш бўйича таклифлар билдирмоқда.
Шу муносабат билан у жорий йил якунига қадар Оролбўйи ҳудудида 50 минг гектар майдонда «ўрмон углерод кредитлари» дастурини бошлаш вазифасини қўйди.
Мирзиёев мазкур ташаббуслар Қорақалпоғистонда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича кенг кўламли режаларни тўлдиришини таъкидлади. Сўнгги йилларда ҳудудда 860 мегаваттлик янги энергетика қувватлари ишга туширилган. Беруний ва Қораўзак туманларида шамол электр станцияларининг қурилиши ҳисобига «яшил» энергия улуши ҳозирда 23 фоизга етган. 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични 76 фоизга етказиш мақсад қилинган.