Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Венгрия солиқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

UzDaily · 17.06.2026 · 09:10 · 24 views
Ўзбекистон ва Венгрия солиқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Венгрия солиқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Будапешт шаҳрида IOTАнинг 30 йиллик Бош ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси вакиллари ҳамда Венгрия Миллий солиқ ва божхона маъмурияти (NTCA) раҳбарияти ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Музокараларда Венгрия томонидан NTCA раиси вазифасини бажарувчи Чилла Тамаш Синеге ҳамда божхона масалалари ва халқаро ҳамкорлик бўйича раис ўринбосари Кристоф Петер Бакаи иштирок этди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Солиқ маъмуриятлари халқаро ташкилоти (IОТА) доирасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Венгрия томони Ўзбекистоннинг халқаро солиқ ҳамжамиятига интеграциялашувни чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдириб, солиқ маъмурчилигини модернизация қилишнинг устувор йўналишлари бўйича тажриба алмашишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

Учрашувда солиқ органларини рақамли трансформация қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. NTCA вакиллари онлайн ҳисобварақ-фактуралар тизимини жорий этиш, қўшилган қиймат солиғи бўйича декларацияларни олдиндан тўлдириш механизми (eÁFA), шунингдек, хавфни таҳлил қилиш ва солиқ назорати самарадорлигини ошириш жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича Венгрия тажрибасини тақдим этдилар.

Ўзбекистон делегацияси эса мамлакатимизда солиқ маъмурчилигини янада рақамлаштириш, хавфни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро илғор тажрибалар асосида солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатларнинг замонавий сервис моделини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунида солиқ жараёнларини рақамлаштириш соҳасида экспертлик ҳамкорлигини фаоллаштириш, икки мамлакат мутахассислари ўртасида мавзули маслаҳатлашувлар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон вакилларининг Будапешт шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Кўп томонлама солиқ маркази таълим дастурларида иштирокини кенгайтириш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув томонларнинг профессионал мулоқотни мустаҳкамлаш, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлади.

UzDaily · 👁 24 views · 17.06.2026 · 09:10