Ўзбекистон ва Туркия пенсия таъминоти бўйича келишув лойиҳаси бўйича келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Туркия пенсия таъминоти бўйича келишув лойиҳаси бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия ўртасида пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги музокаралар иккинчи раунди муваффақиятли якунланди.
22-26 июнь кунлари Туркия Республикасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ва Ижтимоий таъминот муассасаси вакиллари ўртасида пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги икки томонлама музокараларнинг иккинчи раунди ўтказилди.
Жорий йилнинг апрель ойида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида пенсия ва ижтимоий таъминот тўғрисида”ги Битим лойиҳаси юзасидан музокараларнинг биринчи раунди Тошкент шаҳрида муваффаққиятли якунланган эди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Пенсия ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги Битим ҳамда уни амалга ошириш бўйича Маъмурий келишув лойиҳалари матнлари тўлиқ келишиб олинди.
Ҳамкорликдан кўзланган мақсад — икки давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг пенсия ва ижтимоий таъминот ҳуқуқларини таъминлаш, ҳамда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдир.
Томонлар учрашув якунлари бўйича музокаралар натижаларини акс эттирувчи Баённомани имзоладилар.
Эришилган келишувлар мазкур ҳужжатларни юқори даражада имзолашга тайёрлаш ҳамда икки мамлакат ўртасида пенсия ва ижтимоий таъминот соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.