Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 сентябрь куни Тошкентда икки давлат вазирлари ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Сурия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Сурия томонидан иқтисодиётнинг асосий тармоқларида фаолият юритувчи 30 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Форумда асосий эътибор икки давлат ўртасида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришга қаратилди.
Иқтисодий ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида Қўшма иқтисодий ва савдо қўмитаси, Ишбилармонлик кенгаши ҳамда вазир ўринбосарлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилди.
2027 йилда Ўзбекистон ва Сурияда ўзаро кўргазмалар ўтказиш режалаштирилмоқда. Савдо алоқаларини кенгайтиришнинг қўшимча механизми сифатида Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи ташкил этилади.
B2B ва B2G учрашувлари доирасида икки давлат вакиллари савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, истиқболли лойиҳалар ҳамда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.