Иқтисод

Ўзбекистон ва Словакия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Словакия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Словакия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Словакия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов Словакиянинг Ўзбекистондаги элчиси Виктор Борецкий билан учрашув ўтказди.

Томонлар экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш ва икки мамлакат компанияларининг янги бозорларга чиқиш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар давомида Словакия томони ўзбекистонлик тадбиркорлар учун мамлакатдаги инвестиция имкониятлари, жумладан, ер участкаларини ажратиш шартлари ва бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берди. Учрашув иштирокчилари меҳнат миграцияси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни тартибга солиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Словакия ишбилармон доиралари вакиллари 2026 йил 29 ноябрдан 5 декабрга қадар бўлиб ўтадиган «New Uzbekistan: Crossroads of Global Markets» халқаро форумида иштирок этиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.