Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитойнинг Шихэцзи шаҳри савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Ушбу масалалар 19 октябрь куни Шихэцзи делегациясининг Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашувида муҳокама қилинди. Учрашувда Палата раисининг маслаҳатчиси Алишер Шайхов иштирок этди.
Хитой делегациясига Шихэцзи шаҳри мэри ўринбосари Дин И бошчилик қилди. Делегация таркибидан, шунингдек, шаҳар савдо бошқармаси раҳбари Кан Чуньи ҳамда қишлоқ хўжалиги, саноат, тиббиёт, савдо, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ўрин олди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди. Хитойлик ҳамкорларга Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва логистика имкониятлари тақдим этилди. Хусусан, маҳаллий корхоналар билан хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш таклиф қилинди.
Шихэцзи вакиллари пахтачилик, тўқимачилик саноати, сувни тежайдиган суғориш технологияларидан фойдаланиш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва муқобил энергетикани ривожлантириш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Хитой томони, шунингдек, ўзбекистонлик фермерлар учун амалий тақдимотлар ташкил этишни таклиф қилди.
Учрашувда тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, телетиббиёт, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлургия ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар билдирилган ташаббусларни муҳокама қилишни давом эттириш ва ўзаро манфаатли аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олди.