Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиладиган замонавий иссиқхона мажмуасини ташкил этиш имкониятлари ўрганилади.
Бу борадаги келишув вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Жанубий Кореянинг GH EnA компанияси бош менежер Жин Мёнгчой бошчилигидаги делегацияси билан учрашувидага эришилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Томонлар вилоят делегациясининг Жанубий Кореяга ишчи ташрифи давомида эришилган келишувларнинг бажарилиши ва лойиҳани амалий босқичга ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
GH EnA вакиллари ҳаво иссиқлиги, геотермал энергия ва сув иссиқлигидан фойдаланиш имконини берувчи технологиялар ҳақида маълумот бердилар. Уларнинг таъкидлашича, бундай ечимларни қўллаш қиш мавсумида табиий газ ва кўмир истеъмолини камайтириш, энергия таъминоти барқарорлигини ошириш ҳамда ҳосилдорликни кўпайтириш имконини беради.
Хайрулло Бозоров қишлоқ хўжалигида илғор ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш долзарблигини таъкидлаб, ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани Данғара туманида амалга ошириш шарт-шароитларини бевосита ўрганиш, аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Хабарда бўлажак мажмуанинг параметрлари ва уни қуриш муддатлари аниқлаштирилмаган.