Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инвестицияларни муҳокама қилишди

UzDaily · 17.06.2026 · 10:40 · 22 views
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инвестицияларни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инвестицияларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Саудия Арабистони инвестицияларни рағбатлантириш агентлигининг бош ижрочи директори Халид Ал-Ҳаттаф бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда, шунингдек, “ACWA Power” компанияси раиси Муҳаммад Абунайян ҳамда “Vision Invest” компанияси бош ижрочи директори Омар Ал-Мидани иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди. 

Томонлар Саудия Арабистони вакилларининг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки, форум доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Учрашувда Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестициявий муҳитни яхшилаш, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, транспорт, логистика, энергетика ва бошқа устувор тармоқларда Саудия компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати кўриб чиқилди.

Томонлар хусусий инвестицияларни жалб этиш, инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишларида янги ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Якунда мавжуд қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш, истиқболли йўналишлар бўйича амалий мулоқотни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

UzDaily · 👁 22 views · 17.06.2026 · 10:40