Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Қозоғистон умумий чегарасини модернизация қилмоқда

UzDaily таҳририяти · 09.07.2026 · 19:00 · 21 views
Ўзбекистон ва Қозоғистон умумий чегарасини модернизация қилмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон умумий чегарасини модернизация қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари раҳбарияти «Ғишткўприк» – “Жибек жоли” чегара ўтказиш пунктларида амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ишларининг бориши билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Насиров ва Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси Раиси J.Duysimbiyev бошчилигидаги маъсуллар дастлаб Ўзбекистоннинг тўлиқ янгидан қурилган «Ғишткўприк» чегара божхона пости фаолиятига эътибор қаратишди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз чегара ўтказиш пунктларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, уларнинг ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида «Ғишткўприк» чегара божхона пости тўлиқ янгидан бунёд этилди.

Интеллектуал божхона пости сифатида мазкур мажмуа энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, автоматлаштирилган назорат тизимлари, юқори аниқликдаги сканерлаш ускуналари ҳамда хавфларни таҳлил қилиш механизмлари билан жиҳозланди. Бу эса чегара орқали ҳаракатланувчи фуқаролар, транспорт воситалари ва товарларни тезкор ҳамда самарали назоратдан ўтказиш имконини беради.

Айни вақтда мазкур постга туташ Қозоғистоннинг “Жибек жоли” божхона пости ҳам янгидан бунёд этилмоқда. Масъуллар мазкур постдаги қурилиш бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, чегара орқали ҳаракатланувчи товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мутасаддиларнинг фикрича, янгиланган «Ғишткўприк» ва “Жибек жоли” постларининг ишга туширилиши нафақат икки давлат ўртасидаги савдо ва логистика жараёнларини янада жадаллаштиради, балки фуқаролар учун қулай ва тезкор чегарадан ўтиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Режага кўра, жорий йилнинг кузида иккала пост бир вақтнинг ўзида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.