Термез аэропортида Fly Khiva чартер рейси кечиктирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Термез аэропортида 14 август куни Fly Khiva авиакомпаниясининг чартер рейси кечиктирилди. Мадинага учишни кутаётган 189 нафар йўловчининг парвози бошқа вақтга қолдирилди, кейинчалик Тошкентга режалаштирилган рейс техник сабабларга кўра бекор қилинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Дастлаб Термез — Мадина йўналишидаги чартер рейси 12 августдан 13 августга ўтар кечаси амалга оширилиши керак эди. Кейинчалик авиакомпания парвозни 13 августдан 14 августга ўтар кечага кўчирди.
Ташувчининг режалари ўзгариши муносабати билан 189 нафар йўловчи Термездан Тошкентга амалга ошириладиган чартер рейсига рўйхатдан ўтказилди. Унинг парвози 14 август соат 09:00 га режалаштирилган эди, бироқ ушбу рейс ҳам техник сабабларга кўра бекор қилинди.
Термез аэропорти зарур хизматлар фаолиятини таъминлашда давом этмоқда ҳамда ўз ваколати доирасида йўловчиларга ёрдам кўрсатмоқда.
Парвознинг янги вақти ва йўловчиларни кейинги ташишни ташкил этиш бўйича маълумотларни Fly Khiva вакилларидан ёки авиакомпаниянинг расмий сайтидан аниқлаш тавсия этилади.