Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг биринчи хонимлари "Охун Гузар" кўргазма залига ташриф буюришди

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 13:06 · 41 views
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг биринчи хонимлари "Охун Гузар" кўргазма залига ташриф буюришди
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг биринчи хонимлари "Охун Гузар" кўргазма залига ташриф буюришди / Фото: Telegram/Ziroat_Mirziyoyeva_First_lady.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Республикаси Президентининг рафиқаси Меҳрибан Алиева Тошкентдаги «Oхун Гузар» шоурумига ташриф буюрди. У ерда ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарини ривожлантириб, уларни замонавий талқинда қайта ифодалаётган маҳаллий брендларнинг ишлари намойиш этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон биринчи хонимининг Telegram-канали хабар берди.

Шоурумда биринчи хонумлар маҳаллий ҳунармандлар ва дизайнерлар томонидан тайёрланган буюмлар билан танишди. Уларда миллий нақшлар, кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек халқининг маданий қадриятлари акс этган.

Маданий дастур доирасида озарбайжонлик меҳмонларга оилавий ҳаётнинг турли босқичлари билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар намойиш этилди. Инсон ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида оила қуриш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳмонларга келин сепини тайёрлаш ва сўзана тикиш билан боғлиқ урф-одатлар, шунингдек, никоҳ маросимлари ҳамда келинни куёв хонадонига кузатиш анъаналари кўрсатилди.

Дастурдан, шунингдек, «келин салом» маросими, «бешик тўй» тантанаси ва анъанавий оналар алласи ҳам ўрин олди.

Маданий дастур Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг қатор урф-одатлари ва қадриятлари муштарак эканини намоён этди. Икки халқ ҳаётида оила, катталарга ҳурмат, фарзанд тарбияси, меҳмондўстлик ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш алоҳида ўрин тутади.