Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистонда суд назорати ва рақамлаштириш кучайтирилади

Дилафруз Ниязова · 15.08.2026 · 10:10 · 33 views
Ўзбекистонда суд назорати ва рақамлаштириш кучайтирилади
Ўзбекистонда суд назорати ва рақамлаштириш кучайтирилади / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда суд тизимини ислоҳ қилиш, суд назоратини кучайтириш ва одил судловни рақамлаштиришга қаратилган «Одил судлов — 2030» стратегияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган «Одил судлов — 2030» стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда 2026 йил 14 августдаги Президент фармонида маълум қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, суд тизимини ислоҳ қилиш олтита устувор йўналиш бўйича амалга оширилади. Булар судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини оширишни назарда тутувчи «халқ суди», суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган «адолат қалқони», фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш кафолатларини кучайтиришни назарда тутувчи «кафолатланган адолат», юқори касбий ва маънавий фазилатларга эга судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган «адолат посбонлари», суд ишларини тўлиқ рақамлаштиришни назарда тутувчи «рақамли одил судлов» ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида илғор халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган «халқаро эътироф» йўналишларидир.

Фармон билан стратегиянинг ўзи, уни 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ва асосий мақсадлар рўйхати тасдиқланди.

2027 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатда жами 319 штат бирлигидаги бошқарув ходимларидан иборат бўлган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Улар умумий юрисдикция судлари ва маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади.

Уларнинг 227 штат бирлиги амалдаги судлар штат бирликлари доирасида шакллантирилади, 92 штат бирлиги эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида қисқартириладиган штат бирликлари ҳисобидан ташкил этилади.

Олий судга 2026 йил якунига қадар ҳудудлараро судларга ишларни ревизион тартибда қайта кўриб чиқиш ваколатини бериш, шунингдек, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган инстанцияларнинг тегишли ваколатларини бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини киритиш топширилди.

Шунингдек, 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини ташкил этиш таклифи маъқулланди.

Фармон билан суд назоратини судгача бўлган иш юритиш босқичида кучайтириш ҳам назарда тутилган. 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьяси шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, халқаро «асосли шубҳа» (Prima Facie) стандартига мувофиқ гумон қилиш ёки айблов қўйиш учун етарли асослар мавжудлигини текшириш ваколатига эга бўлади.

2027 йил 1 августдан Олий суд ўз Президиумининг ягона суд амалиётини шакллантирувчи қарорларини очиқ эълон қилиб, мунтазам равишда янгилаб боради. Бунинг учун «Прецедентлар» реестри жорий этилади.

2030 йилга қадар суд биноларида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари босқичма-босқич ташкил этилади.

2027 йил якунига қадар Олий суднинг интерактив хизматлар портали — my.sud.uz такомиллаштирилади. Жумладан, янгиланган мобиль иловани ишга тушириш ва суд ҳужжатларини қидириш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

2028 йил 1 январдан иқтисодий суд ишларини юритишда «иқтисодий ишларини проактив бошқариш» (Proactive Case Management) стандарти жорий этилади. Унга кўра, судья ишни кўриб чиқиш жараёнида аҳамиятсиз камчиликларни бартараф этиши шарт бўлади.

Шу санадан бошлаб суд маъмурияти институтини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. У судьялар фаолиятини ташкилий, моддий-техник ҳамда ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ўз зиммасига олади ва судьяларни одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод қилади.