Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ўмон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари аъзоларининг онлайн шаклда учрашуви бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган шериклик муносабатлари мустаҳкамланмоқда. Бу эса янги қўшма ташаббусларни илгари суриш ва амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни институционал жиҳатдан ривожлантириш, жумладан, ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш, қўмита вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.