Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Лихтенштейн иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 11:30 · 20 views
Ўзбекистон ва Лихтенштейн иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Лихтенштейн иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 июнь куни Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки “Швейцария гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилиши доирасида Лихтенштейн Князлиги Бош вазири – Молия вазири Бригитта Ҳаас бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Лихтенштейн Бош ҳукумат ишлари ва молия вазирлиги бош котиби Эве Бек, Лихтенштейн Бош ҳукумат ишлари ва молия вазирлиги катта маслаҳатчиси Даниела Селе, Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов, Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Лихтенштейн ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, молиявий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда ўзаро манфаатли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида иқтисодий алоқаларни босқичма-босқич ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Лихтенштейн делегацияси мамлакат хусусий секторининг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, қурилиш ва тиббиёт каби йўналишларда фаолият юритаётган компаниялар мисолида ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятлари мавжудлигини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар мулоқотни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.