Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистон ва Қирғизистон молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 12:00 · 23 views
Ўзбекистон ва Қирғизистон молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Қирғизистон молиявий ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 июнь куни Қирғиз Республикаси Молия вазири Руслан Суйналиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда томонлар икки мамлакат раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган сиёсий иродаси натижасида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб, молия соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар шаклланаётганини таъкидладилар.

Хусусан, музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда амалий шериклик йўналишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилди.

Жумладан, молия соҳасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Учрашувда томонлар давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш, унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ушбу йўналишда институционал тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратди.

Хусусан, муҳокамаларда билим ва тажриба алмашинуви, жумладан, мутахассислар ўртасида маслаҳатлашувлар ташкил этиш, семинар ва ўқув дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли йўналишларда амалий алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.