Ўзбекистон ва Анталия Савдо-саноат палаталари ўзаро бизнес ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Анталия Савдо-саноат палаталари ўзаро бизнес ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Давронбек Курбанов Анталия Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳакан Пакалин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Анталия Савдо-саноат палатаси (ATSO) 1882 йилда ташкил этилган бўлиб, Туркиянинг энг қадимги ва нуфузли бизнес уюшмаларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда палата 65 мингга яқин аъзони бирлаштириб, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этади.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, экспорт-импорт муносабатларини кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасидаги институционал шерикликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар тадбиркорлар ўртасида мунтазам B2B учрашувлари, бизнес-миссиялар ва қўшма тадбирларни ташкил этиш икки мамлакат ишбилармонлари учун янги имкониятлар яратишини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, 1 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Туркия B2B бизнес учрашувларини юқори савияда ташкил этиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур тадбирни ҳамкорликда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.