Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Корея Республикаси транспортни бошқаришда интеллектуал светофорлар ҳамда сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур масала 21 октябрь куни Кореянинг Каннин шаҳрида бўлиб ўтаётган Интеллектуал транспорт тизимлари (ITS) бўйича Жаҳон конгресси доирасида кўриб чиқилди. Учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдуғафаров ва Корея Республикаси Ер ресурслари, инфратузилма ва транспорт вазири ўринбосари Чон Ый Гён иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хабар берди.
Томонлар замонавий автомобиль йўлларини бошқариш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, транспорт оқимларини реал вақт режимида кузатиш ва таҳлил қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
Вазирлик таъкидлашича, бундай технологиялар транспорт оқимларини самарали бошқариш имкониятларини кенгайтиради, тирбандликларни камайтиришга ёрдам беради ва йўлларда хавфсизликни оширади.
Учрашувда темир йўл соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Корея томони Ўзбекистонга Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти (ТҲТ) фаолиятида иштирок этиши ва ушбу ташкилотга аъзо бўлиши учун кўрсатган кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари, Корея Ўрта коридорни биргаликда ривожлантириш, унинг транзит салоҳиятини ошириш, транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда истиқболли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.