Спорт

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Японияда яна 15 та медаль қўлга киритди

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Японияда яна 15 та медаль қўлга киритди
Ўзбекистонлик паралимпиячилар Японияда яна 15 та медаль қўлга киритди / Фото: Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон спортчилари 22 октябрь куни тушдан кейин Японияда ўтказилаётган Aichi-Nagoya 2026 Пара Осиё ўйинларида яна 15 та медаль — тўртта олтин, тўртта кумуш ва еттита бронза медалини қўлга киритди. Икки ғалаба рекордлар билан бирга қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди.

Аёллар ўртасида диск улоқтириш бўйича F40 тоифасида Мадина Мухторова 25,59 метр натижа кўрсатиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди ва олтин медални қўлга киритди. Аввалроқ у ушбу ўйинларда ядро улоқтириш бўйича ҳам ғолиб бўлган эди. Фароғат Муҳаммадқулова 21,25 метр натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Кумуш медаль БАА спортчисига насиб этди.

F41 тоифасида диск улоқтириш бўйича ўзбекистонлик спортчилар биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Наврўза Аҳмадова 30,11 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини ўрнатди. Кубаро Ҳакимова эса 25,05 метр натижа билан иккинчи бўлди. Бронза медали Хитой вакилига насиб этди.

Парасузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоасига иккита олтин медаль келтирилди. Эркаклар ўртасида S13 тоифасида 50 метрга эркин усулда сузиш мусобақасида Егор Болотов 24,39 сония натижа билан биринчи бўлиб маррага етиб келди. Аёллар ўртасида худди шу масофада Мубинабону Халилова 28,04 сония натижа кўрсатиб, чемпионликни қўлга киритди. Муслима Одилова 28,66 сония натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Япония спортчиси эгаллади. S8 тоифасида 100 метрга орқа усулда сузиш финалида Азизбек Бўйназаров 1 дақиқа 7,93 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида T36 тоифасида узунликка сакраш мусобақасида ўзбекистонлик енгил атлетикачилар иккита медаль олди. Достон Қаҳҳоров 5,44 метр натижа билан кумуш, Иззат Тургунов эса 5,42 метр натижа билан бронза медалига эга бўлди. F42/63 тоифасида ядро улоқтириш мусобақасида Муҳаммад Рихсимов 13,77 метр натижа кўрсатиб, учинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар 400 метрга югуришда яна иккита бронза медалини қўлга киритди. T47 тоифасида Маруфжон Муродуллоев 50,03 сония натижа билан учинчи бўлиб маррага етиб келди. T11 тоифасида эса Урганчбек Эгамназаров йўлбошчи ҳамроҳи Сардор Бахтиёров билан бирга масофани 52,99 сонияда босиб ўтди.

Парапауэрлифтинг бўйича ҳам Ўзбекистон терма жамоаси икки медаль билан тақдирланди. Аёллар ўртасида 86 килограммгача бўлган вазн тоифасида Орзигул Ўролова 136 килограмм натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасида 107 килограммдан юқори вазн тоифасида Илҳом Ҳалимов 223 килограмм кўтариб, бронза медалига сазовор бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.