Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Тошкент ва Андижон вилоятларида тозалаш иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Учрашув палата раисининг ўринбосари Баҳром Маҳматраимов ҳамда ЕТТБнинг Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик йўналиши бўйича бўлими раҳбари Акшай Кумар ўртасида бўлиб ўтди.
Томонлар экологик инфратузилмани ривожлантириш истиқболларини, хусусан, икки ҳудудда тозалаш иншоотларини қуриш ва кейинчалик улардан фойдаланиш лойиҳаларига инвестициялар ҳамда халқаро тажрибани жалб қилиш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, иштирокчилар давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаш ва ташаббусларни амалий босқичга ўтказиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар мулоқотни давом эттириш ва белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.