Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Евроосиё минтақаси бўйича минтақавий директори Суле Килич билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик портфели ҳажми қарийб 2 млрд АҚШ долларига етгани таъкидланди. Бу ЕТТБ томонидан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим ва стратегик ҳамкор давлат сифатида қаралаётганининг яққол тасдиғи экани қайд этилди.
Томонлар энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш механизмлари ҳамда ҳар бир лойиҳада маҳаллий контент улушини ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида қайта тикланувчи энергия манбалари, магистраль электр тармоқларини ривожлантириш ҳамда компрессор станцияларини электрлаштиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кейинги қадамлар юзасидан келишувга эришилди.