Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Эрон Теҳронда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди

UzDaily таҳририяти · 18.08.2026 · 11:05 · 90 views
Ўзбекистон ва Эрон Теҳронда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди
Ўзбекистон ва Эрон Теҳронда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 август куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Эрон Ислом Республикаси делегациясига эса ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мажид Тахти-Равончи раҳбарлик қилди.

Маслаҳатлашувлар давомида томонлар Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-транзит алоқаларини кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ўзаро манфаатли бўлган минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.