Ўзбекистон ва Endeavor Mining янги лойиҳаларни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Endeavor Mining янги лойиҳаларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 июнь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Британиянинг “Endeavour Mining” компанияси инвестициялар бўйича вице-президенти Эдуардо Формозо Этчарте билан учрашди.
“Endeavour Mining” - Ғарбий Африкада олтин конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган нуфузли халқаро кон-металлургия компаниясидир.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистондаги истиқболли конларни ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот иштирокчилари ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги галдаги қадамларни белгилашга алоҳида эътибор қаратиб, фойдали қазилмаларни қайта ишлашда замонавий технологияларни қўллаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида изчил мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар лойиҳаларнинг техник ва молиявий жиҳатларини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда кейинги босқичларга ўтишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.