Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бизнес-делегацияси Бельгия ва Люксембургга ташрифи доирасида Европа бизнеси вакиллари билан музокаралар ўтказиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Ташриф доирасида маҳаллий ва Европа компаниялари вакиллари билан икки томонлама B2B учрашувлар ўтказилди.
Музокараларнинг асосий мавзулари инвестициявий ҳамкорлик, транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, ўзбек маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорларига чиқиши, молиявий ҳамкорлик ва рақамли хизматларни ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида Европа комиссияси ва Европа инвестиция банки вакиллари иштирокида алоҳида учрашув ҳам бўлиб ўтди.
Учрашувда инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари, «Global Gateway» ташаббуси, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунига кўра, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, логистика йўналишларини ривожлантириш ва Ўзбекистондан Бельгия бозорига маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар фармацевтика соҳасида технологик ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.