Ўзбекистон ва Аденауэр жамғармаси ҳуқуқий лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Аденауэр жамғармаси ҳуқуқий лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда “Конрад Аденауэр” номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбарияти ортасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижалари ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Хусусан, Марказ томонидан яратилаётган ҳуқуқий медиа-маҳсулотлар, амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг натижадорлиги ҳамда келгусидаги ривожланиш йўналишлари юзасидан тақдимот қилинди.
Шунингдек, тақдимот давомида “Конституцияга саёҳат” лойиҳаси доирасида сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда интерактив китоб ва 40 қисмли мултфилм яратилгани, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида интеллектуал ўйинлар ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда рақамли платформаларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Yurxizmat.uz, Yurkitob.uz ҳамда Sharh.lex.uz платформалари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Учрашув якунида Жамғарма вакиллари томонидан Марказ фаолияти юксак баҳоланиб, унинг ҳуқуқий ахборотни кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасидаги тизимли ва самарали ишлари алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида долзарб ҳуқуқий мавзулар юзасидан қўшма семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этиш, юқорида қайд этилган устувор йўналишлар доирасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш бўйича таклифлар илгари сурилиб, бу ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.