Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футбол бўйича ёшлар терма жамоаси ёзги Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида ўтказилган ўртоқлик учрашувида Хитой терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Хитой терма жамоаси таркибидаги голлар учрашувнинг 28 ва 83-дақиқаларида урилди.
Ўзбекистон U23 терма жамоасига Равшан Ҳайдаров бошчилик қилмоқда. Мусобақада ўзбекистонлик футболчилар «C» гуруҳида Филиппин, Кувайт ва Вьетнам терма жамоалари билан бирга иштирок этади.
Ўзбекистон гуруҳ босқичидаги биринчи учрашувини 15 сентябрь куни Филиппинга қарши ўтказади. Баҳс Нагоядаги CS Asset Minato Soccer Stadium стадионида маҳаллий вақт билан соат 15:30 да бошланади.
18 сентябрь куни соат 19:00 да Ўзбекистон терма жамоаси Кувайт билан ўйнайди. Учрашув ҳам CS Asset Minato Soccer Stadium стадионида бўлиб ўтади.
Гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувни Ўзбекистон терма жамоаси 22 сентябрь куни Вьетнамга қарши ўтказади. Ўйин Нагоядаги Paloma Mizuho Rugby Stadium стадионида соат 14:00 да бошланади.
«C» гуруҳининг бошқа учрашувларида 15 сентябрь куни Вьетнам Кувайт билан, 18 сентябрь куни Филиппин Вьетнам билан, 22 сентябрь куни эса Филиппин Кувайт билан учрашади. 15 ва 18 сентябрь кунлари барча учрашувлар CS Asset Minato Soccer Stadium стадионида ўтказилади. 22 сентябрь куни Филиппин — Кувайт учрашуви ҳам шу аренда бўлиб ўтади.