Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати уюшган жиноятчиликка қарши тузатишларни маъқуллади

Ўзбекистон Сенати уюшган жиноятчиликка қарши тузатишларни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати уюшган жиноятчиликка қарши тузатишларни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига уюшган жиноятчилик ва жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жиноят содир этиш усулларининг ўзгариб бориши, уюшган жиноятчиликнинг янги шакллари пайдо бўлиши жавобгарлик чораларини замонавий таҳдидларга мос равишда такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Қонун билан уюшган жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодекси жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, жиноий уюшма ташкил этилиши ёки унинг томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ҳомийлик қилганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Жиноят содир этгунга қадар 14 ёшга тўлган шахсларнинг уюшган гуруҳ таркибида безорилик содир этганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш, шунингдек, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик. Жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай мусобақаларда иштирок этганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда алоҳида жавобгарлик чораси назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мазкур жиноятлар бўйича дастлабки терговни қайси органлар амалга оширишига оид процессуал нормалар ҳам аниқлаштирилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида Қонуннинг жиноий уюшмаларнинг молиявий манбаларини чеклаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ёшларни жиноий муҳит таъсиридан ҳимоя қилиш ва оғир оқибатларга олиб келувчи зўравонлик жиноятларининг олдини олишдаги аҳамиятини таъкидлади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.