Ўзбекистон Сенати маданий меросни ҳимоя қилиш тизимини янгилади

Ўзбекистон Сенати маданий меросни ҳимоя қилиш тизимини янгилади

Ўзбекистон Сенати маданий меросни ҳимоя қилиш тизимини янгилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб, ваколатли органларнинг функциялари қайта кўриб чиқилди.

Қонун ана шу ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада ваколатларни аниқ белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган.

Қонунга мувофиқ маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ ажратилиб, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ваколатлар эса Маданият вазирлигига тегишли эканлиги назарда тутилмоқда.

Хусусан, Маданий мерос агентлигига моддий маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, давлат кадастрини юритиш, тарихий-маданий экспертиза ўтказиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.

Қонун билан маданий бойликларнинг муомаласи, жумладан уларни кимошди савдолари орқали реализация қилиш тартиби такомиллаштирилиб, ушбу жараёнларни ваколатли орган билан келишган ҳолда амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, археология ёдгорликларини тадқиқ этишни фақат тегишли рухсатнома асосида амалга ошириш, маданий мерос объектларининг ҳолатини мунтазам назорат қилиш ҳамда уларни ҳар беш йилда кўрикдан ўтказиш тартиби белгиламоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришга, ваколатлар тақсимотида аниқликни таъминлашга ҳамда соҳада ягона ва самарали бошқарувни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг