Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Осиё жамғармаси бизнес учун рақамли ечимларни жорий этади

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 10:35 · 22 views
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Осиё жамғармаси бизнес учун рақамли ечимларни жорий этади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Осиё жамғармаси бизнес учун рақамли ечимларни жорий этади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида халқаро The Asia Foundation («Осиё» жамғармаси) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга жамғарманинг давлат секторини ривожлантириш бўйича директори Жош Фридман бошчилик қилди.

The Asia Foundation — 1954 йилда ташкил этилган халқаро нотижорат ташкилот бўлиб, бугунги кунда Осиё ва Тинч океани минтақасининг 20 га яқин мамлакатида давлат бошқарувини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат институтлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини такомиллаштириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда рақамли хизматларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар тадбиркорлар учун давлат хизматларидан фойдаланишни соддалаштириш, давлат органлари билан электрон ҳамкорликни кенгайтириш, бизнеснинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва рақамли платформалар имкониятларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, бизнес муҳитининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар тадбиркорлар учун рақамли ечимлар ва амалий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олдилар.