Ўзбекистон низосиз ишларни ҳал қилиш жараёнини соддалаштиради

Ўзбекистон низосиз ишларни ҳал қилиш жараёнини соддалаштиради

Ўзбекистон низосиз ишларни ҳал қилиш жараёнини соддалаштиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси низосиз ишларни ҳал қилиш тартиб-қоидаларини такомиллаштириш ва уларни кўриб чиқиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларидаги суд буйруғи тартибида кўриладиган айрим низосиз талабларга оид ишларнинг доираси қайта кўриб чиқилмоқда. Қонун лойиҳаси, энг аввало, низосиз ишларни кўришни осонлаштиришга қаратилган.

Жумладан, энди ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда суд томонидан буйруқ тартибида кўриб чиқилади. Мазкур миқдордан кам бўлган низосиз талабларга доир ишлар эса нотариуслар томонидан кўриб чиқилади.

Лойиҳа билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган сумманинг миқдори нотариус томонидан бундай нотариал ҳаракатни амалга оширганлик учун сарфланадиган ҳақиқий харажатлар миқдорига мувофиқлаштирилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд тизими самарадорлигини ошириш, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда нотариал хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг