Иқтисод

Ўзбекистон мева-сабзавотларни АҚШга экспорт қилади

Ўзбекистон мева-сабзавотларни АҚШга экспорт қилади
Ўзбекистон мева-сабзавотларни АҚШга экспорт қилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини Costco Wholesale савдо тармоғи орқали АҚШ бозорига етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхонаси кўмагида Costco Wholesale компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Учрашувлар доирасида Ўзбекистонда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб бериш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Америка бозорига чиқиш учун корхоналар FDAда рўйхатдан ўтган бўлиши, халқаро сертификатларга эга бўлиши ҳамда зарур ҳажмдаги маҳсулотларни барқарор равишда етказиб беришни таъминлаши керак. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар фитосанитар талабларга ҳам жавоб бериши лозим.

Янги узилган мева ва сабзавотларни етказиб бериш учун қўйиладиган алоҳида талаблардан бири узлуксиз «совуқ занжир» тизимини таъминлаш ҳисобланади. Унинг йўқлиги узоқ муддатли ташиш жараёнида маҳсулотларнинг бузилиши ва сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда Costco билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар рўйхати шакллантирилмоқда.

Белгиланган талабларга жавоб берадиган ва АҚШ бозорига чиқишдан манфаатдор корхоналар махсус анкетани тўлдиришлари мумкин.

Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ масалалар бўйича Экспортга кўмаклашиш бўлимига +998 71 202 77 78 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.