Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

FlyArystan Олмаота — Урганч рейсларини ҳафтасига икки марта йўлга қўйди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 13:50 · 51 views
FlyArystan Олмаота — Урганч рейсларини ҳафтасига икки марта йўлга қўйди
FlyArystan Олмаота — Урганч рейсларини ҳафтасига икки марта йўлга қўйди / Фото: Turizm qo'mitasi.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг FlyArystan авиакомпанияси Олмаота ва Урганч шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди. Янги йўналиш бўйича биринчи рейс амалга оширилди ва Қозоғистон ҳамда Хоразм вилояти ўртасида сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.

Рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 2 соат 35 дақиқани ташкил этади.

Хоразмга амалга оширилган биринчи рейс билан Қозоғистоннинг 10 та сайёҳлик компанияси вакиллари ташриф буюрди. Улар учун уч кунлик ахборот тури ташкил этилди. Унинг доирасида маҳаллий туроператорлар иштирокида B2B учрашувлар ва воркшоп ўтказилиши режалаштирилган.

Сафар давомида Қозоғистон сайёҳлик бизнеси вакиллари Хоразмнинг тарихий-маданий обидалари, шунингдек, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти билан танишади.

Ташкилотчилар бундай ахборот турларини ўтказиш Хоразм вилоятини Қозоғистон сайёҳлик бозорида тарғиб қилишга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, улар икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро сайёҳлик алмашинувини оширишга қаратилган.

Янги авиайўналиш Қозоғистондан келадиган сайёҳлар учун Хоразмнинг транспорт жиҳатидан қулайлигини ҳам оширади ҳамда ҳудудга халқаро сайёҳлик оқимини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.