Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Музокара жараёнининг жорий ҳолати ва мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистон Президентининг ЖСТ масалалари бўйича вакили, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов ҳамда ЖСТ бош директорининг ўринбосари Жан-Мари Пугам ўртасида муҳокама қилинди.
Томонлар музокараларнинг асосий йўналишлари ва Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни доирасидаги мажбуриятларини келишиш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқдилар.
ЖСТ Ишчи гуруҳининг 13-йиғилишидан сўнг Ўзбекистонга 150 дан ортиқ ёзма савол келиб тушган. Бугунги кунга қадар Ишчи гуруҳи ҳисоботи лойиҳасининг мажбуриятлар бўлимидаги тўққиз банд бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ЖСТнинг 33 аъзоси билан икки томонлама музокаралар якунланган.
Қишлоқ хўжалигини ички қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони ривожланаётган мамлакатлар учун назарда тутилган de minimis даражасини қўллаш бўйича ўз позициясини тақдим этди.
Учрашув иштирокчилари давлат корхоналари, нарх сиёсати, субсидиялар, инвестиция чоралари ва мутлақ ҳуқуқлар бўйича мажбуриятлар матнини тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Қонунчилик ислоҳотлари доирасида Ўзбекистон жорий йил май ойида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилгани ҳақида маълумот тақдим этди. Томонлар, шунингдек, миллий талабларни Халқаро озиқ-овқат стандартлари комиссияси (Codex Alimentarius), Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH) ва Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенция (IPPC) халқаро стандартларига мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўриб чиқдилар.
Музокараларни давом эттириш Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида қолган масалаларни келишиш ва зарур тартиб-таомилларни якунлашга қаратилган.