Шошилинч
Иқтисод

«Қизилқумцемент» 9 ойда 4,7 млрд сўм соф фойда олди

«Қизилқумцемент» 9 ойда 4,7 млрд сўм соф фойда олди
«Қизилқумцемент» 9 ойда 4,7 млрд сўм соф фойда олди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Қизилқумцемент» компанияси 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 4,7 млрд сўм соф фойда олди. Ўтган йилнинг шу даврида эса компания 16,0 млрд сўм зарар кўрган эди.

III чоракда компания 910,8 млн сўм зарар кўрди. Ваҳоланки, 2025 йилнинг худди шу чорагида 54,1 млрд сўм фойда олган эди. Йиллик ҳисобда чораклик молиявий натижа 101,7 фоизга ёмонлашган.

Тўққиз ойлик даврда компаниянинг тушуми 1,1 трлн сўмдан 682,2 млрд сўмгача камайди. Бу 38,8 фоизлик пасайишни англатади. Маҳсулотларни сотиш харажатлари ҳам шу даврда 143,5 млрд сўмдан 86,1 млрд сўмга қисқарди.

Компания активлари 3,9 трлн сўмни ташкил этиб, бир йил аввалги кўрсаткичдан 1,9 фоизга кам бўлди. Капитал бир йил давомида 0,4 фоизга қисқариб, 3,0 трлн сўмни ташкил этди. Тақсимланмаган фойда эса 1,2 фоизга ўсиб, 1,8 трлн сўмга етди.

Чорак якунига келиб, компаниянинг узоқ муддатли банк кредитлари миқдори бир йил аввалги 595,5 млрд сўмдан 510,0 млрд сўмгача камайди.

Қисқа муддатли қарзлар эса ўзгаришсиз қолиб, 33,3 млрд сўмни ташкил этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.