Шошилинч
7
Ўзбекистон

Ўзбекистон CCPI 2027 рейтингида 10 поғона юқорилади

Ўзбекистон CCPI 2027 рейтингида 10 поғона юқорилади
Ўзбекистон CCPI 2027 рейтингида 10 поғона юқорилади / Фото: CCPI.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон халқаро иқлим рейтинги — CCPI 2027 да 43-ўринни эгаллаб, бир йил ичида 10 поғона юқорилади. Бу мамлакатнинг рейтингда иштирок этган бутун давридаги энг яхши натижасидир. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Тадқиқот натижалари 2026 йил ноябрь ойида Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида эълон қилинди.

Climate Change Performance Index рейтинги Germanwatch ва NewClimate Institute халқаро таҳлил ташкилотлари томонидан тайёрланган. У глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 90 фоиздан ортиғи тўғри келадиган мамлакатларни қамраб олади.

Баҳолаш тўртта йўналиш бўйича амалга оширилади: иссиқхона газлари чиқиндилари, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия истеъмоли ва давлатнинг иқлим сиёсати.

Ўзбекистон рейтингга биринчи марта 2024 йилда киритилиб, 48-ўринни эгаллаган. 2025 йилда мамлакат 54-поғонага тушган бўлса, 2026 йилда 53-ўриндан жой олган.

CCPI 2027 натижаларига кўра, республика 43-поғонага кўтарилди. Шу тариқа, рейтингда иштирок этишнинг бутун даври давомида мамлакатнинг мавқеи дастлабки натижага нисбатан беш поғонага яхшиланди.

Иқлим мажбуриятлари ва энергетика трансформацияси

Ўзбекистоннинг рейтингдаги мавқеи яхшиланиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика трансформацияси ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш соҳаларидаги ислоҳотлар фонида юз бермоқда.

Мамлакатда иқлим сиёсати учун янгиланган қонунчилик ва институционал асос шакллантирилди. Миллий даражада белгиланадиган ҳисса (NDC 3.0) доирасида Ўзбекистон иқлим бўйича мажбуриятларини кучайтирди.

Янги мақсадга кўра, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулотнинг ҳар бир бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларининг солиштирма ҳажмини 2010 йил даражасига нисбатан 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда. Мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, энергия тежовчи технологиялар ва иқлимни молиялаштириш механизмлари жорий этилмоқда.

Бошқа устувор йўналишлар қаторида метан чиқиндиларини қисқартириш, саноат ва энергетика соҳаларида энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва текшириш бўйича миллий тизимни ривожлантириш белгиланган.

Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, иқлим сиёсатининг асосий вазифаси халқаро рейтинглардаги ўринни яхшилаш эмас, балки чиқиндиларни камайтириш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича ўлчанадиган натижаларга эришишдан иборат.

Ўзбекистон миллий иқлим мажбуриятларини бажаришни давом эттириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва паст углеродли ривожланишга инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.